Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар
Мактабгача таълим бўлими

Самарқанд шаҳридаги “Тимур-Файз” нодавлат мактабгача таълим ташкилотида “Карантин чораларининг юмшатилиши муносабати билан мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини қайта тиклаш ва босқичма-босқич ривожлантириш истиқболлари” мавзусида вилоят амалий семинари ўтказилди.

Хабарингиз бор, республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, 15 июндан бошлаб, “яшил” ва “сариқ” ҳудудларда хусусий мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятига рухсат берилади.

         Вилоят мактабгача таълим бошқармаси ва вилоят санитария эпидемологик осойишталик маркази ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур амалий семинарда мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти хавфсизлигини таъминлашда барча шароитларни яратиш, жумладан тарбияланувчиларга зарур имкониятларни жорий этиш, биноларни зарарсизлантириш, киришда дизенфекцион туннел ўрнатиш, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш борасида батафсил тушунчалар берилди.

         Кўргазмали семинар доирасида вилоят мактабгача таълим бошқармасининг  шаҳар, туман бўлими мудирлари, хусусий мактабгача таълим ташкилотлари мутасаддилари иштирок этиб, мутахассисларнинг зарурий тавсиялари тингланди. Бугунги кунда вилоятда 60 дан зиёд нодавлат хусусий  мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлиб, улар 15 июндан ўз фаолиятини бошлашларида барча санитария меъёрларига амал қилишлари шартлиги бўйича алоҳида кўрсатмалар берилди.

       Гуруҳларда болалар саломатлигини таъминлаш мақсадида ижтимоий масофани сақлаш, хоналарни тез-тез шамоллатиш, ўйинчоқларни белгиланган вақтда зарарсизлантириш, устки кийим ва тиббий ниқобларни тез-тез алмаштириш, педагог-ходимлар мунтазам ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши зарурлиги тушунтирилди.

       - Мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини давом эттиришларида тозалик ва гигиенага албатта қатъий риоя қилишлари шарт ва муҳим.  Барча ходимлар  COVID-19 инфекциясига таҳлил топширишлари керак. Ҳар куни боғча тарбияланувчисининг тана ҳарорати пирометрда ўлчаниб, қўллари, устки кийимлари тиббий ҳимоя воситалари билан зарарсизлантирилиши лозим,,- деди  вилоят санитария эпидемологик осойишталик маркази бўлим мудири Шоира Халилова

         Ўзаро мулоқот, савол-жавоб тарзида ўтган семинарда вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Раҳмонов  шаҳар, туман мактабгача таълим бўлими мудирлари 15 июнга қадар боғчаларга  бориб ҳолатни ўрганиши, бинода барча зарур санитар тадбирларни амалга ошириши, тиббий ҳимоя воситалари билан таъминлаши лозимлигини таъкидлаб, жойларда бу каби кўргазмали амалий семинарлар  ташкил этиши ҳақида кўрсатмалар берди.


Охирги ўзгариш вақти: 10/06/2020 13:23;   Кўрилганлиги: 185
 
Материал манзили: http://samshaharmtb.uz/news/samarqand-shahridagi-timur-fayz-nodavlat-maktabgacha-talim-tashkilotida-karantin-choralarining-yumshatilishi-munosabati-bilan-maktabgacha-talim-tashkilotlari-faoliyatini-qayta-tiklash-va-bosqichma-bosqich-rivojlantirish-istiqbollari-mavzusida-viloyat-amal
Чоп этилган вақт: 03/12/2020 22:46